Общее·количество·просмотров·страницы

Общее·количество·просмотров·страницы

вторник, 29 января 2019 г.

Партия ва депутатлар.

    Яқинда ОАВда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Партияларимиз сони яна 1 тага кўпайибди.

     Ўзи партия ва депутатлар деганда, кўз олдимга чиройли кийинган ва халқни чиройли гап билан ишонтира оладиган маърузачилар келади. Фақат сайлов пайти кўриниш берадиган, чиройли тушган расми ва баландпарвоз ёзилган дастурлари билан ким ўзарга беллашадиганлар хаёлимга келади. Партия ва депутатларни дастурларини кўриб, ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўплигига ҳайрон қолсанг, бир томондан туманимиз, маҳалламиз яқинда гуллаб кетаркан деган ўй кела(р)ди. Йўқ, орадан шунча йил ўтди, ҳали ҳам ўша-ўша, ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Ҳар сайловда янги номзод, яна кучли ижтимоий, иқтисодий, маиший муаммоларни ечими бўйича тузилган дастур, халқ эса сайловга чиқиши шартлиги учунам ким расмга чиройли тушган бўлса ўша номзодга овоз бериб, ўз фуқаролик бурчини 4-5 йилда бир бажариб келади.   

    Мустақилликни илк йилларида, хали икки палатали тизимга ўтмасимиздан аввал Олий Мажлис сессияси йилига икки марта бўларди, бўлди, шу билан бошқа депутатлар ҳақида ОАВда деяли ҳеч қанақа ҳабар чиқмасди, чиққан бўлсаям ҳар ҳолда уларнинг фаолияти халқ турмуш тарзида сезилмаган. Шахсан манда депутатлар фақат шунақа мажлисларда фақат яшил кнопкани босишади, шу билан Қонун лойиҳалари биринчи ўқишдаёқ қабул қилинади, деган хаёл бўларди. Аслида депутатлар ва партиялар орасида дебатлар, тортишувлар, қайсидир Қонунни қабул қилиш учун росмана ижобий баҳслар бўлиши керакмасми?.(агар чет эл тажрибасидан мисол қиладиган бўлсак). Бизда эса ҳар бир сессия мажлиси ўта тинчлик билан ўтарди. Билмасам, балки менталитетимиз бунга йўл қўймас ёки депутатларимиз ўта одоблидир, ўзидан каттага қаттиқ гапира олмаса керак, ким билсин яна. 

   Ҳозирчи, ҳозир сал жонлангандек бўл(иш)ди, ундаям Президентимизни деярли ҳар чиқишларидаги депутат ва партияларни сусткашлиги, уларда етарлича ташаббус етишмаслиги танқид қилингандан кейин. Шу жумладан:

    Билмасам, барибир қанақадир сунъийлик бор ҳозирам. Ўзи партия ва депутатларни асосий вазифаси нима, халқ билан мулоқот, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш уларни тўғридан-тўғри вазифасига кирадими ёки йўқми? Албатта, улар ижро органи эмас, лекин ижро органидан талаб қилиши, депутатлик сўрови юбориши каби катта ҳуқуқларга эга. Агар матбуотда эълон қилинаётан хабарларга қараб хулоса қиладиган бўлсак, кўпчилик депутатлар халқ билан мулоқот қилишмоқда, сайловчиларини бир неча йилдан бери қийнаб келаётган муаммоларни тинглашмоқда, лекин амалда ўша муаммолар ҳал бўлаётгани мавҳумлигича қолаётгандек. 
Мана бир мисол:

    Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Тошкент вилояти, Қибрай тумани "Узумзор" маҳалласидан сайланган туман, вилоят ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини умуман ҳеч ким танимайди, деярли кўрмаганмиз ҳисоб, шунча йил мобайнида сайловчилар билан бирор бир учрашув бўлганини эслай олмайман. 

    Депутатлар билан Қибрай тумани ҳокимиятида адашмасам, ҳар шанба соат 15-00 дан 17-00 гача депутатларни сайловчилари билан учрашув куни белгиланган эди, қизиқиб атиги икки-уч марта борганим ҳам эсимда. Лекин ҳар сафар ўша хона қулф бўларди. Агар ёлғон бўлмаса, у хона ўзи умуман очилмаганам бўлса керак. 

    Шу йил охирида мамлакатимизда парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар ўтказиларкан. Демак, яна депутатларнинг чиройли расми, чиройли сўзлар билан ёзилган дастурлари дўконлар ойналарида пайдо бўлади, номзодини қўйганлар яна бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими бўйича ваъдалар беради, халқ ҳам сайловда қатнашиб таваккал овоз беради, бўлди. Шу пайтгача сайланган депутатларни фаолиятига халқни ижобий қарамаслиги сабабини, ҳозиргача вилоятларда оддий турмуш тарзи учун зарур бўлган электр энергияда узилишлар, ичимлик сувидаги муаммолар, хали хам табиий газ етиб бормаган ҳудудлар, етиб борганиям кўнгилдагидек эмаслигидан ҳам билса бўлади.

    Албатта, муаммони ҳамма билади. Ҳар бир муаммони айтиш билан бирга уни ечими бўйича ҳам ўз таклифини бериши керак. Бу масалада фақат битта таклифим бор:
        1. Ҳар бир депутат ўзи сайланган сайлов округи аҳолиси билан ҳар чоракда учрашиб, қанақа ишлар амалга оширилди, нималарга ҳаракат қилинди-ю, нималарга эришилди, қайсидир масала бўйича хали ижобий натижа бўлмаганлиги ҳақида очиқ мулоқот ташкил қилиш. Сайловолди дастури бўйича бандма банд қайси ишларни амалга оширди, қайсилари яқин келажакда ҳал қилиниши бўйича албатта халққа ҳисобот бериши керак, деб ўйлайман. Шунда кейинги сайловларда ҳам ҳар бир номзод ўз сайловолди дастурини ўйлаб тузади, агар ҳалқдан талаб бўлмаса, деярли ҳар бир номзод дастурини умумий, баландпарвоз гаплар билан тўлдириб ташлаши эҳтимоли юқори.
         
     Ҳамма депутатларни айблашдан йироқман, ўз сайловчилари билан учрашаётган депутатлар бордир, ман фақат ўзимдан келиб чиққан ҳолда, бизни округдан сайланган депутатлар фаолиятидан қониқмаганлигим учун шундай хулоса келдим.  

   Ҳозирча, депутатларни фақат тўй баҳона 4-5 йилда фақат тўй баҳона келадиган узоқ қариндошларга ўхшатаман.

четверг, 5 июля 2018 г.

Пойтахт манзараси.

    Айни пайтда пойтахтимизда кенг кўламда қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганига гувоҳи бўлиб турибмиз. Пойтахт - азалдан ҳар бир мамлакатнинг юзи, бош шаҳрилиги барчамизга маълум. Тошкентни янада чиройли қилиш, аҳоли(си) учун қулайликлар яратиш ва туризмни ривожлантириш бўйича изланишлар олиб борилаётганлиги, ҳалқаро ташкилотлардан кўзга кўринган экспертлар, лойиҳачилар таклиф қилинаётганлиги ҳар биримизни хурсанд қилиши табиий. Шахсан мендан айни пайтда пойтахтимизни янада чирой очиши учун яна нималар қилиш керак, деб сўралса, менинг жавобим: пойтахтда фаввораларни кўпайтириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича бошқача ёндошув керак, деб жавоб берган бўлар эдим. Дунё тажрибасидан келиб чиқсак, кўпгина машҳур ва ривожланган мамлакатларда, айниқса пойтахт шаҳарларида фаввораларни кўплиги шаҳар чиройига салмоқли ҳисса қўшиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. 

    Тан олиш керак керак, пойтахтимизда бу борада етарли даражада ишлар амалга оширилмаган деб ҳисоблайман. Муаммони ҳамма билади, лекин ҳар бир муаммо ечими билан, ҳал қилиш бўйича таклифлар билан айтилиши керак, деган ёзилмаган қоидага кўра, пойтахтнинг қайси жойларига фавворалар қуриш керак, деган саволга ўз таклифларимни билдириб ўтсам. Демак, 

1. Бир неча кўчани кесиштирувчи айланма. Мўлжал: Grand Mir Hotel



2. Чилонзор-Оқтепа мавзеси. Янги қурилган ер усти йўли ёнида

3. Буюк ипак йўли метроси.  (тахминан 15 йилча олдин бу жойда кичик бўлсаям фаввора бор эди)

       Куни кеча "Роҳат" айланма йўлида қурилиш ишлари бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Бироздан кейин эса унинг қанақа кўринишга эга бўлиши акс этган фотосуратларини кўрдим. Олдинги кўрнишидан анча чиройли, лекин бу жойгаям ҳам фаввора қурилса, янаям чиройли бўлар эди.




        Пойтахтни янада яшил шаҳарга айлантириш, кўкаламзорлаштириш учун қандай ишларни амалга ошириш керак? Менинг фикримча, мажнунтол дарахтини кўпроқ экиш керак. Тошкентда мажнунтол экилган жойлар кам бўлсада бор, айнан ўша жойлар барибир чиройли манзарани акс этиб турибди. Тўғрисини айтганда, шу пайтгача экилган арча, айниқса сосна  каби манзарали дарахтларни дуч келган жойга пала-партиш экиш ўзини оқламади деб ҳисоблайман. Кўп кузатаман, ушбу манзарали дарахтлар бетартиб экилган ёки етарли даражада парвариш қилинмаганми, билмадим, лекин ҳаммаси ҳар ҳил ўсган, бири баланд, бири паст, баъзилари умуман ривожланмаган ва ҳ.з. Бу эса хунук манзарага айланган. 

        Албатта, маслаҳат бериш осон, лекин пойтахтни гўзал, обод бўлишини, яшил шаҳарга айланишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Бу таклифлар пойтахтни кундан кун чирой очишида тинмай меҳнат қилаётган мутасадди раҳбарларга сал бўлсада ёрдам бўлса, деган кичик ният бор холос. 

воскресенье, 20 мая 2018 г.

Тўйдаги мадҳия.


Ўзим гувоҳ бўлган кичик тарихий воқеача ҳақида. Ва бироз позитив.

 Талабалик - қизиқ давр! Айнан талабалик пайтимиз (1998-2002 йиллар)да мен тилга олган ноёб ҳодисотлардан бири бўлиб ўтган эди. 

     Бир курсдошим бор, ошкора ватанпарвар, талабалик пайтимизда биз хаёлан ўйлашга ҳам бироз ҳижолат тортадиган ишларни у бемалол омма олдида қила оларди. Уялмасди, тортинмасди.  Мисол учун, талабалигимизни илк йиларида ўз номзодини вилоят туман депутатлигига қўйган, ўзидан анча катта ёшдаги номзодлар билан баҳслашган, курашган, деярли ҳар куни омма олдида чиқишлар қилган, сайловолди учрашувларда  сайловчилар билан учрашган, мулоқот олиб борган. Бизнинг талабалик пайтларимизда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати (ҳозирги "Ёшлар иттифоқи") анча оммалашган, унга аъзо бўлиш қайсидир маънода фахр эди. Курсдошим дарҳол аъзо бўлган, тахминан бир йиллардан кейин уни Тошкент вилоят ёшлари раиси лавозимига сайлашган эди. Хуллас, олийгоҳлардаги барча тадбирларда ҳам фаол эди.  

     Хўш, мен баён қилмоқчи бўлган кичик тарихий воқеача қандай ва қанақа содир бўлган эди? Ўша курсдошим уйланадиган бўлди. Табиийки, тўйдан олдин улфатлар орасида тшй борасида  ўзаро ҳазиллар бўларди, шунақа давраларнинг бирида у "Тўйимда давлат мадҳияси жаранглайди ва келин-куёв унинг садолари остида тўйхонага кириб келади" деб айтиб қолди. Тўғриси, деярли ҳамма курсдошлар бу гапдан ҳайрон қолдик, буни навбатдаги ҳазилга йўйдик. Йўқ, курсдошимни гапида заррача ҳазил йўқ экан.  

     Тўй куни келди. Тўйхона тўла одам. Ҳамма ўз жойига ўтирди. Келин-куёв кирадиган пайтда одатга кўра "Ёр-ёр" ёки "Тўйлар муборак" садолари остида эмас, айнан давлат мадҳияси жаранглаган пайтда кириб келишди. Бизнику бу нарсадан гарчи ҳазил деб ўйлаган бўлсак ҳам хабаримиз бор эди,  лекин бошқа меҳмонлар воқеани унча англай олишмасдан туришарди.  Ўша пайт меҳмонларни реакциясини кузатдим: деярли ҳамма ҳайрон, айниқса, қуда томон енгилгина шокда, қизлар кулишниям, нима қилишниям билишмасдан туришарди. Ажойиб ва бироз ғалати манзара бўлганди.  
     Энг қизиғи, курсдош куёвтўрани қўли кўксида, худди давлат тадбирларида тургандек ерга қараб жиддий тутарди, келинболани ичидан нима ўтган ўзига аён. 

   Хуллас, шунақа гаплар. Шу шу хали хам курсдошлар йиғилганимизда ёки тўйларда шу воқеани эслаб, ўша талабалик давридаги ширин ўтмишни ёдга олиб кулиб қўямиз. 

среда, 4 апреля 2018 г.

Йўллардаги қоидабузарликлар.

Кўпчиликка маълум, охирги пайтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қарши кураш анча кучайди, пойтахтдаги айрим чорраҳаларга камералар ўрнатилди, жарималар миқдори оширилди, ҳар бир автомобиль кузатувдалиги маълум қилинди, манба: https://www.xabar.uz/avtomobil/endi-doimiy-kuzatuvdasan.
Айниқса, сўнгги кунларда Facebook ижтимой тармоғидаги "Водителы Ташкента" гуруҳидаги асосий постлар йўл-ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар ҳақида бўлмоқда. Бу борада кўпчилик иккига бўлинди, кимдир бу ҳаракатни ёқлади, кимдир қоралади. Шахсан мен ёқлаганлар тарафдориман, нимага, сабаби оддий: ҳар ким белгиланган қоидаларга риоя қилиши, қўпол қоидабузарликларга йўл қўйиишига ҳамма бирдек курашиши керак шарт деб ўйлайман. Йўл-ҳаракатидаги қоидабузарликлар сабаб қанчадан қанча инсонлар нобуд бўлмоқда, кимлардир ногиронга айланмоқда. Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ҳар ойда қоидалар бузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг оқибатида ҳалок бўлган инсонларни сонини эшитиб ачиниб кетади одам. Ўзим кўп йиллар пиёда мақомида бўлдим, яқин бир йил ичида ҳайдовчилик мақомига ўтиб шунга амин бўлдим-ки, йўл ҳаракати қоидалари жудаям кўп бузилади. Хулоса қиладиган бўлсак, ЙҲХБ нинг расмий сайтидаги қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлардан бир неча бор кўплигига шубҳа йўқ. 
Ҳайдовчилик маданияти, ҳайдовчиларни бир-бирига бўлган ҳурматига ҳавас билан қарай олмаслигимиз ҳақиқат. Мисол учун, кўп кузатдим, пиёдалар йўлакчасида автомашиналар тўхтаб, пиёдани ўтказишаяптими, демак, ё кузатув камераси бор ёки сал нарироқда ДАН ходими. Албатта бу умумий хулоса, яъни фақат салбий томонлари тилга олинмоқда. Қоидаларга риоя қиладиган ҳайдовчилар ҳам талайгина. Қоидалар бузилиши ҳақида гап кетар экан, авваламбор бир масалани алоҳида қайд қилиб ўтиш керак менимча, ҳар бир қоида, қонунга бўйсуниш талаб қилинишидан олдин, шунга яраша шароит яратилиши керак. Пойтахт йўлларининг ўзида камчиликлар бисёр, вилоятлардаги ёки марказдан чеккароқдаги аҳволни гапириб ўтириш шартмасдир. Тошкентдаги бирор бир идорага кирмоқчи бўлсанг тўхташга жой йўқ, бўлса ҳам таъқиқловчи белги бор. Мажбуран қоидани бузишга мажбурсан ёки автомашинани анча узоқроққа қўйишга тўғри келади. Тошкентдаги кўп кўчаларда таъқиқловчи белгилар қўйилганига қарамасдан, автомашиналар қатор бўлиб турганини деярли ҳар куни гувоҳ бўламиз.   
Мисол учун кўп йўл белгилари бетартиб (дарахтларга, электр устунларга) ўрнатилган.


        Пиёдалар ўтиш йўлагини акс эттирувчи белги электр ёритиш устунига ўрнатилганлиги майли, лекин  пиёдалар махсус чизиғи йўқ, шу пайтгача чизилмаган ёки чизилганиям ўчиб кетган.


      Тошкентнинг "Олмазор" метро бекати ёнидаги қуйидаги ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин. Бу муаммочани бартараф этишга ойлаб вақт талаб қилинмаса керак. 


      Ўзи умуман пойтахт кўчаларининг айрим йўлларида асфальтга чизилган махсус чизиқ, белгиларни ранги ўчганлигига анча бўлган, янги чизилганиям бир маротаба ёғингарчиликдан кейин яна ярми кўринмас чизиққа айланади. Айрим йўллар шунчалик торки, ҳайдовчилар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлишади. 


Пиёдалар...

      Кўп ўйлаб қоламан: ким кўп қоида бузаркин, ҳайдовчиларми ёки пиёдаларми? Айрим пиёдаларни кўриб ҳайрон қолади одам, пиёдалар йўлакчасидан бемалол, телефонда гаплашиб ўтади, ер ости йўли турганлигига қарамасдан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб катта йўлдаги темир бетондан ошиб ўтишади. Яқиндан бошлаб пиёдаларга ҳам жарима солина бошлади, бу жуда тўғри қарор, ҳайдовчилар қоида бузганликлари учун қандай жаримага тортилса, қоидани бузган пиёдалар ҳам худди шундай жаримага тортилишлари шарт. Лекин кўп гувоҳ бўламиз, пиёдаларни жаримага тортиш қийинроқ кечади, лекин бу баҳона бўлиш керак эмас, бу ишни асло сусайтирмаслик зарур. Бир хулосага қўшиламан, айрим одамларга соатлаб тушунтириш ишлари ўтказиш фойда бермаслиги мумкин, лекин моддий томондан жаримага тортилса, бу яхши самара беради, кейинги сафар ўйлаб иш қилади.  




      Транспорт воситасини бошқариш пайтида ёқимсиз холатлар бўйича ўз фикримни твиттер ижтимоий тармоғида баён қилган эдим. 



Ижтимоий тармоқда ўтқазган кичик сўровнома натижаси. Хулоса ҳар кимни ўзидан.


Хулоса ўрнида..
       Йўлларда инсон ҳаёти, ҳайдовчи ва пиёдаларни хавфсизлиги жуда муҳим, қоидабузарлар ҳақида хабар қилаётганлар ўз фуқаролик бурчларини бажариб, қонунни бузган шахсларни маълум қилишаяпти, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Зеро, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбарияти таъкидлаб ўтганидек, соҳа ходимлариинг саъй-ҳаракатларининг самарадорлигига кўп жиҳатдан бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг бу ишлардаги фаол иштирокига ҳам боғлиқдир. Сўнгсўз ўрнида айтмоқчи бўлган сўзим, ҳайдовчилар бир-биримизга ҳурматни сақлаган холда, йўл-ҳаракати қоидаларига доимо риоя қилиб ва ҳайдовчилик маданиятимизни ошириб борайлик деган бўлар эдим. Саломат бўлинг!
  
Изоҳ: юқоридаги барча расмлар бир соатча вақт ичида расмга олинган.😉 

понедельник, 5 марта 2018 г.

Илк таассурот аэропортдан бошланади...

Тошкент ҳалқаро аэропортимиз ва унда меҳнат қилувчи соҳа вакиллари ҳақида кўп гапирилди, етарлича баҳс бўлиб ўтди ва ҳозир ҳам бўлиб ўтмоқда. Мен ҳам бу борада ўз фикрларимни, кўрганларимни баён қилмоқчиман. Хизмат юзасидан йилда 2-3 марта хизмат сафарига бориб тураман. Табийки, ўз аэропортимиз ва бошқа ҳалқаро аэропортлардаги шароитлар, хизмат кўрсатувчи персоналлар ҳақида солиштириб кўрганман.

Демак, биздаги салбий ҳолатлар:
           1. Авваламбор, аэропортга киришда ҳаддан ташқари хавфсизлик кучайтирилган. Кўчани ўзида  махсус қурилмадан ўтилади, юклар, паспорт текширилади. Кейин яна ҳудди шу ҳолат такрорланади.  Тушуниш қийин, ўзи кичкинагина аэропорт бўлса, постдан постгача ниманидир ўзгартириб  қўйишмаса керак йўловчилар. 
       2. Дунёни кўпчилик аэропортларида парвоз қилувчилар бемалол аэропорт эшигини тагигача машинада келса бўлади, бизда эса буни акси. Шароит бор, лекин хали рухсат йўқ шекилли.   
            3. Божхона назорати. Ҳозир яшил ва қизил йўлак пайдо бўлди, ўзгаришлар ижобийлиги ҳақидаги гапларни эшитмоқдамиз. Лекин авваллари паспорт текшириларди, ҳаммаси жойида бўлса, муҳр қўйиларди. Аслида шуни ўзи ҳисоб бўлиши керак, лекин яна камида 2 марта текшириларди. Тушуниш қийин, нима сабабдан яна текширилади, муҳр бор, назоратдан ўтилди, ёки ҳамма божхоначилар йўловчиларни паспортини кўриб чиқиш керак, деган яширин бўйруқ, низом борми, буниси бизга қоронғу! Тўғри, ҳозирги кунда хавфсизлик муҳим, лекин меъёрда бўлгани яхши назаримда. 
     4. Ҳозирги аҳволи қанақа билмадим-ку, охирги марта 2017 йил октябрь ойида аэропортимизда бошқа юртлардан келадиган йўловчиларни кутиб олиш зали, божхона постлари аянчли аҳволда эди. Кутиш залида электр энергия иқтисод қилинганми билмадим, ҳар холда ёритиш тизимини деярли ярми ишламас эди. Лекин божхона паспорт текширувидан олдинги йилларга нисбатан анча тез ўтилганди. Фақат ҳорижий меҳмонлар ўтадиган божхона назорат пунктлари сонини яна кўпайтирилса мақсадга мувофиқ бўларди. 
           5. Яна бир муҳим жиҳат, ҳалқаро аэропортда меҳнат қилишга инглиз тилини биладиган божхона ходимларини ишга олиш керак, чунки кўп гувоҳ бўлганим, пост назоратидаги божхоначилар ҳорижий сайёҳлар билан оддий диалог қилишдаям муаммо борлигига гувоҳ бўлгандим. 

     Энди бошқа ҳалқаро аэропортларда аҳвол қанақа? Ўзим бўлган аэропортлардан гапирадиган бўлсам, Венеция шаҳридаги "Марко Поло", Истамбулдаги "Ота-турк", Япониянинг "Нарита", Деҳлидаги "Индира Ганди", Германиянинг "Франкфурт" ва Вена ҳалқаро аэропортларидаги бир ҳолатга эътибор бердим, ушбу аэропортларни эшигини тагигача бемалол бориш майли, лекин аэропортга киришда ҳеч қанақа текширув, махсус мосламадан ўтмаганман. Аэропорт ичкарисида фақат юк ва паспорт назорати, бўлди. 

        Албатта, бизда ҳар соҳада ижобий ўзгаришлар қатори, аэропортимизда ҳам анча ижобий ишлар қилинди, буни инкор этишдан йироқман. Лекин айрим камчиликларни бартараф этишга йиллар ёки халқаро экспертларни таклиф қилиш шарт эмас деб ўйлайман. Жамоатчилик фикрига таяниб ҳам кўп муаммони ҳал қилса бўлади. 
Зеро бир гап бор, "Юрт ҳақида таассурот аэропортдан бошланади". 

среда, 2 сентября 2015 г.

Оғир ҳолат

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
  
       Ўзини жонига қасд қилиш хар замонда содир бўлиб турадиган воқеа. Бошқа динларда қанақа билмадим-ку, лекин Ислом динида бу нарса қаттиқ қоралангани барчага аён. Бу хақида Қуръони Каримда хам, хадисларда кўп зикр этилган. Хар бир мусулмон одам ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳлигини, ундайларга жаннат ҳаром бўлишини эшитганлигига шубҳа йўқ. Лекин баъзи пайтлари ўз жонига қасд қилган одамларни эшитиб ҳайрон қолади одам. Нима сабабдан ўз жонига қасд қилганларни хар хил сабабини эшитганмиз. Кимдирни катта қарзи бор, кимдир қиморда бор нарсасини ютқазган, кимдир иснодни кўтаролмаган ва хаказо. Баъзан ўзига тўқ, ижтимоий келиб чиқиши яхши одамларни хам ўз жонига қасд қилганини эшитиб ҳайрон қоламан. Ўз жонига қасд қилиш қанақадир касалликмикин балки.

       Ўзини ўзи ўлдириш нақадар оғир гуноҳлигини Пайғамбаримиз бундайларга жаноза намозини ўқимаганларидан хам билса бўлади. Жума намозларида хам бу хақида маърузалар бўлиб туради.  Лекин кўпчилик қори акалар ўз жонига қасд қилганаларга эҳтиёт шарт жаноза намозини ўқиб қўйишади. Сабаби сўралганда " биз бандамиз, бу ишни қилганлар мусулмон бўлишган, биз жаноза намозини ўқиб қўяверамиз, уёғи Яратганни хукмига боғлиқ" деган жавобни беришган. 

Хаммамизни бунақа гуноҳи кабира қилишдан Яратганни Ўзи асрасин!

вторник, 21 июля 2015 г.

Билмадим, ҳайронман

    Бу касб эгаларини қўлидан қачондир хамма ўтади. Аслида бу касбга қандайдир талаб хам қўйилмаслиги тобора аниқлашди. Бу касбни эгаллаш учун ҳеч қанақа олийгоҳда ўқиш хам шарт эмас. Асосий шарти шу маҳаллада яшасанг, соғлом бўлсанг бўлди, манимча. 
Юқорида гўрковлар назарда тутилди.

    Кимни яшаш жойида қанақа билмадиму, лекин биз томондаги гўрковларни деярли хаммаси спиртли ичимлик ичади. Ҳар холда хаммасини танийман, кўрганман, биламан. Ачинарли ҳолат, тўғрими! Энг ҳайрон қолдирадиган томони шуки, гўрковларни кунда бўлмасаям, деярли кунора ёки ҳафтада ўз ишларини бажариб туришади, яъни қабрга энг кўп тушишади, майитни қўйишади. Наҳотки, шу пайт қачондир ўзи хам шу ҳолга келишини, ўзи гўрков бўла туриб, спиртли ичимлик ичиб юриши жуда оғир ҳолат эканлигини хаёлларига келтиришмаса. Билмадим, балким хаёлларидан ўтар. Лекин билишимча яхши томонга халиям ўзгариш йўқ.

   Ушбу масалада бир кун Қориакага савол бергандим. Қориака афсусланиб, бош чайқаб: "бу жуда ачинарли, оғир ҳолат, лекин бунга гўрковларни ўзи Яратганнни олдида жавоб беришади" деган маънода жавоб бергандилар. 
   Бу масалада яна бир жиҳат бор. Кўпчилик бу касбни эгаллашни хохламийди, хохлайдиганлар эса..... Лекин вазиятни имкон қадар ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилиш, Исломдан сал бўлсаям хабари бор одамларни қўйиш керак барибир. 
    Манимча, бу масалада хам тегишли чора кўрилиши зарур. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини  (раиси) асосий вазифани бажариши керак. чунки улар бевосита маҳалладаги фуқароларни билади, уларга жавобгар. Ҳеч бўлмаса ўшалар билан суҳбат, тушунтириш олиб борилиши мақсадга мувофиқ деб биламан.