Тошкент ҳалқаро аэропортимиз ва унда меҳнат қилувчи соҳа вакиллари ҳақида кўп гапирилди, етарлича баҳс бўлиб ўтди ва ҳозир ҳам бўлиб ўтмоқда. Мен ҳам бу борада ўз фикрларимни, кўрганларимни баён қилмоқчиман. Хизмат юзасидан йилда 2-3 марта хизмат сафарига бориб тураман. Табийки, ўз аэропортимиз ва бошқа ҳалқаро аэропортлардаги шароитлар, хизмат кўрсатувчи персоналлар ҳақида солиштириб кўрганман.
Демак, биздаги салбий ҳолатлар:
1. Авваламбор, аэропортга киришда ҳаддан ташқари хавфсизлик кучайтирилган. Кўчани ўзида махсус қурилмадан ўтилади, юклар, паспорт текширилади. Кейин яна ҳудди шу ҳолат такрорланади. Тушуниш қийин, ўзи кичкинагина аэропорт бўлса, постдан постгача ниманидир ўзгартириб қўйишмаса керак йўловчилар.
2. Дунёни кўпчилик аэропортларида парвоз қилувчилар бемалол аэропорт эшигини тагигача машинада келса бўлади, бизда эса буни акси. Шароит бор, лекин хали рухсат йўқ шекилли.
3. Божхона назорати. Ҳозир яшил ва қизил йўлак пайдо бўлди, ўзгаришлар ижобийлиги ҳақидаги гапларни эшитмоқдамиз. Лекин авваллари паспорт текшириларди, ҳаммаси жойида бўлса, муҳр қўйиларди. Аслида шуни ўзи ҳисоб бўлиши керак, лекин яна камида 2 марта текшириларди. Тушуниш қийин, нима сабабдан яна текширилади, муҳр бор, назоратдан ўтилди, ёки ҳамма божхоначилар йўловчиларни паспортини кўриб чиқиш керак, деган яширин бўйруқ, низом борми, буниси бизга қоронғу! Тўғри, ҳозирги кунда хавфсизлик муҳим, лекин меъёрда бўлгани яхши назаримда.
4. Ҳозирги аҳволи қанақа билмадим-ку, охирги марта 2017 йил октябрь ойида аэропортимизда бошқа юртлардан келадиган йўловчиларни кутиб олиш зали, божхона постлари аянчли аҳволда эди. Кутиш залида электр энергия иқтисод қилинганми билмадим, ҳар холда ёритиш тизимини деярли ярми ишламас эди. Лекин божхона паспорт текширувидан олдинги йилларга нисбатан анча тез ўтилганди. Фақат ҳорижий меҳмонлар ўтадиган божхона назорат пунктлари сонини яна кўпайтирилса мақсадга мувофиқ бўларди.
5. Яна бир муҳим жиҳат, ҳалқаро аэропортда меҳнат қилишга инглиз тилини биладиган божхона ходимларини ишга олиш керак, чунки кўп гувоҳ бўлганим, пост назоратидаги божхоначилар ҳорижий сайёҳлар билан оддий диалог қилишдаям муаммо борлигига гувоҳ бўлгандим.
Энди бошқа ҳалқаро аэропортларда аҳвол қанақа? Ўзим бўлган аэропортлардан гапирадиган бўлсам, Венеция шаҳридаги "Марко Поло", Истамбулдаги "Ота-турк", Япониянинг "Нарита", Деҳлидаги "Индира Ганди", Германиянинг "Франкфурт" ва Вена ҳалқаро аэропортларидаги бир ҳолатга эътибор бердим, ушбу аэропортларни эшигини тагигача бемалол бориш майли, лекин аэропортга киришда ҳеч қанақа текширув, махсус мосламадан ўтмаганман. Аэропорт ичкарисида фақат юк ва паспорт назорати, бўлди.
Албатта, бизда ҳар соҳада ижобий ўзгаришлар қатори, аэропортимизда ҳам анча ижобий ишлар қилинди, буни инкор этишдан йироқман. Лекин айрим камчиликларни бартараф этишга йиллар ёки халқаро экспертларни таклиф қилиш шарт эмас деб ўйлайман. Жамоатчилик фикрига таяниб ҳам кўп муаммони ҳал қилса бўлади.
Зеро бир гап бор, "Юрт ҳақида таассурот аэропортдан бошланади".
Комментариев нет:
Отправить комментарий