Общее·количество·просмотров·страницы

Общее·количество·просмотров·страницы

четверг, 5 июля 2018 г.

Пойтахт манзараси.

    Айни пайтда пойтахтимизда кенг кўламда қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганига гувоҳи бўлиб турибмиз. Пойтахт - азалдан ҳар бир мамлакатнинг юзи, бош шаҳрилиги барчамизга маълум. Тошкентни янада чиройли қилиш, аҳоли(си) учун қулайликлар яратиш ва туризмни ривожлантириш бўйича изланишлар олиб борилаётганлиги, ҳалқаро ташкилотлардан кўзга кўринган экспертлар, лойиҳачилар таклиф қилинаётганлиги ҳар биримизни хурсанд қилиши табиий. Шахсан мендан айни пайтда пойтахтимизни янада чирой очиши учун яна нималар қилиш керак, деб сўралса, менинг жавобим: пойтахтда фаввораларни кўпайтириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича бошқача ёндошув керак, деб жавоб берган бўлар эдим. Дунё тажрибасидан келиб чиқсак, кўпгина машҳур ва ривожланган мамлакатларда, айниқса пойтахт шаҳарларида фаввораларни кўплиги шаҳар чиройига салмоқли ҳисса қўшиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. 

    Тан олиш керак керак, пойтахтимизда бу борада етарли даражада ишлар амалга оширилмаган деб ҳисоблайман. Муаммони ҳамма билади, лекин ҳар бир муаммо ечими билан, ҳал қилиш бўйича таклифлар билан айтилиши керак, деган ёзилмаган қоидага кўра, пойтахтнинг қайси жойларига фавворалар қуриш керак, деган саволга ўз таклифларимни билдириб ўтсам. Демак, 

1. Бир неча кўчани кесиштирувчи айланма. Мўлжал: Grand Mir Hotel



2. Чилонзор-Оқтепа мавзеси. Янги қурилган ер усти йўли ёнида

3. Буюк ипак йўли метроси.  (тахминан 15 йилча олдин бу жойда кичик бўлсаям фаввора бор эди)

       Куни кеча "Роҳат" айланма йўлида қурилиш ишлари бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Бироздан кейин эса унинг қанақа кўринишга эга бўлиши акс этган фотосуратларини кўрдим. Олдинги кўрнишидан анча чиройли, лекин бу жойгаям ҳам фаввора қурилса, янаям чиройли бўлар эди.




        Пойтахтни янада яшил шаҳарга айлантириш, кўкаламзорлаштириш учун қандай ишларни амалга ошириш керак? Менинг фикримча, мажнунтол дарахтини кўпроқ экиш керак. Тошкентда мажнунтол экилган жойлар кам бўлсада бор, айнан ўша жойлар барибир чиройли манзарани акс этиб турибди. Тўғрисини айтганда, шу пайтгача экилган арча, айниқса сосна  каби манзарали дарахтларни дуч келган жойга пала-партиш экиш ўзини оқламади деб ҳисоблайман. Кўп кузатаман, ушбу манзарали дарахтлар бетартиб экилган ёки етарли даражада парвариш қилинмаганми, билмадим, лекин ҳаммаси ҳар ҳил ўсган, бири баланд, бири паст, баъзилари умуман ривожланмаган ва ҳ.з. Бу эса хунук манзарага айланган. 

        Албатта, маслаҳат бериш осон, лекин пойтахтни гўзал, обод бўлишини, яшил шаҳарга айланишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Бу таклифлар пойтахтни кундан кун чирой очишида тинмай меҳнат қилаётган мутасадди раҳбарларга сал бўлсада ёрдам бўлса, деган кичик ният бор холос. 

воскресенье, 20 мая 2018 г.

Тўйдаги мадҳия.


Ўзим гувоҳ бўлган кичик тарихий воқеача ҳақида. Ва бироз позитив.

 Талабалик - қизиқ давр! Айнан талабалик пайтимиз (1998-2002 йиллар)да мен тилга олган ноёб ҳодисотлардан бири бўлиб ўтган эди. 

     Бир курсдошим бор, ошкора ватанпарвар, талабалик пайтимизда биз хаёлан ўйлашга ҳам бироз ҳижолат тортадиган ишларни у бемалол омма олдида қила оларди. Уялмасди, тортинмасди.  Мисол учун, талабалигимизни илк йиларида ўз номзодини вилоят туман депутатлигига қўйган, ўзидан анча катта ёшдаги номзодлар билан баҳслашган, курашган, деярли ҳар куни омма олдида чиқишлар қилган, сайловолди учрашувларда  сайловчилар билан учрашган, мулоқот олиб борган. Бизнинг талабалик пайтларимизда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати (ҳозирги "Ёшлар иттифоқи") анча оммалашган, унга аъзо бўлиш қайсидир маънода фахр эди. Курсдошим дарҳол аъзо бўлган, тахминан бир йиллардан кейин уни Тошкент вилоят ёшлари раиси лавозимига сайлашган эди. Хуллас, олийгоҳлардаги барча тадбирларда ҳам фаол эди.  

     Хўш, мен баён қилмоқчи бўлган кичик тарихий воқеача қандай ва қанақа содир бўлган эди? Ўша курсдошим уйланадиган бўлди. Табиийки, тўйдан олдин улфатлар орасида тшй борасида  ўзаро ҳазиллар бўларди, шунақа давраларнинг бирида у "Тўйимда давлат мадҳияси жаранглайди ва келин-куёв унинг садолари остида тўйхонага кириб келади" деб айтиб қолди. Тўғриси, деярли ҳамма курсдошлар бу гапдан ҳайрон қолдик, буни навбатдаги ҳазилга йўйдик. Йўқ, курсдошимни гапида заррача ҳазил йўқ экан.  

     Тўй куни келди. Тўйхона тўла одам. Ҳамма ўз жойига ўтирди. Келин-куёв кирадиган пайтда одатга кўра "Ёр-ёр" ёки "Тўйлар муборак" садолари остида эмас, айнан давлат мадҳияси жаранглаган пайтда кириб келишди. Бизнику бу нарсадан гарчи ҳазил деб ўйлаган бўлсак ҳам хабаримиз бор эди,  лекин бошқа меҳмонлар воқеани унча англай олишмасдан туришарди.  Ўша пайт меҳмонларни реакциясини кузатдим: деярли ҳамма ҳайрон, айниқса, қуда томон енгилгина шокда, қизлар кулишниям, нима қилишниям билишмасдан туришарди. Ажойиб ва бироз ғалати манзара бўлганди.  
     Энг қизиғи, курсдош куёвтўрани қўли кўксида, худди давлат тадбирларида тургандек ерга қараб жиддий тутарди, келинболани ичидан нима ўтган ўзига аён. 

   Хуллас, шунақа гаплар. Шу шу хали хам курсдошлар йиғилганимизда ёки тўйларда шу воқеани эслаб, ўша талабалик давридаги ширин ўтмишни ёдга олиб кулиб қўямиз. 

среда, 4 апреля 2018 г.

Йўллардаги қоидабузарликлар.

Кўпчиликка маълум, охирги пайтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қарши кураш анча кучайди, пойтахтдаги айрим чорраҳаларга камералар ўрнатилди, жарималар миқдори оширилди, ҳар бир автомобиль кузатувдалиги маълум қилинди, манба: https://www.xabar.uz/avtomobil/endi-doimiy-kuzatuvdasan.
Айниқса, сўнгги кунларда Facebook ижтимой тармоғидаги "Водителы Ташкента" гуруҳидаги асосий постлар йўл-ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар ҳақида бўлмоқда. Бу борада кўпчилик иккига бўлинди, кимдир бу ҳаракатни ёқлади, кимдир қоралади. Шахсан мен ёқлаганлар тарафдориман, нимага, сабаби оддий: ҳар ким белгиланган қоидаларга риоя қилиши, қўпол қоидабузарликларга йўл қўйиишига ҳамма бирдек курашиши керак шарт деб ўйлайман. Йўл-ҳаракатидаги қоидабузарликлар сабаб қанчадан қанча инсонлар нобуд бўлмоқда, кимлардир ногиронга айланмоқда. Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ҳар ойда қоидалар бузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг оқибатида ҳалок бўлган инсонларни сонини эшитиб ачиниб кетади одам. Ўзим кўп йиллар пиёда мақомида бўлдим, яқин бир йил ичида ҳайдовчилик мақомига ўтиб шунга амин бўлдим-ки, йўл ҳаракати қоидалари жудаям кўп бузилади. Хулоса қиладиган бўлсак, ЙҲХБ нинг расмий сайтидаги қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлардан бир неча бор кўплигига шубҳа йўқ. 
Ҳайдовчилик маданияти, ҳайдовчиларни бир-бирига бўлган ҳурматига ҳавас билан қарай олмаслигимиз ҳақиқат. Мисол учун, кўп кузатдим, пиёдалар йўлакчасида автомашиналар тўхтаб, пиёдани ўтказишаяптими, демак, ё кузатув камераси бор ёки сал нарироқда ДАН ходими. Албатта бу умумий хулоса, яъни фақат салбий томонлари тилга олинмоқда. Қоидаларга риоя қиладиган ҳайдовчилар ҳам талайгина. Қоидалар бузилиши ҳақида гап кетар экан, авваламбор бир масалани алоҳида қайд қилиб ўтиш керак менимча, ҳар бир қоида, қонунга бўйсуниш талаб қилинишидан олдин, шунга яраша шароит яратилиши керак. Пойтахт йўлларининг ўзида камчиликлар бисёр, вилоятлардаги ёки марказдан чеккароқдаги аҳволни гапириб ўтириш шартмасдир. Тошкентдаги бирор бир идорага кирмоқчи бўлсанг тўхташга жой йўқ, бўлса ҳам таъқиқловчи белги бор. Мажбуран қоидани бузишга мажбурсан ёки автомашинани анча узоқроққа қўйишга тўғри келади. Тошкентдаги кўп кўчаларда таъқиқловчи белгилар қўйилганига қарамасдан, автомашиналар қатор бўлиб турганини деярли ҳар куни гувоҳ бўламиз.   
Мисол учун кўп йўл белгилари бетартиб (дарахтларга, электр устунларга) ўрнатилган.


        Пиёдалар ўтиш йўлагини акс эттирувчи белги электр ёритиш устунига ўрнатилганлиги майли, лекин  пиёдалар махсус чизиғи йўқ, шу пайтгача чизилмаган ёки чизилганиям ўчиб кетган.


      Тошкентнинг "Олмазор" метро бекати ёнидаги қуйидаги ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин. Бу муаммочани бартараф этишга ойлаб вақт талаб қилинмаса керак. 


      Ўзи умуман пойтахт кўчаларининг айрим йўлларида асфальтга чизилган махсус чизиқ, белгиларни ранги ўчганлигига анча бўлган, янги чизилганиям бир маротаба ёғингарчиликдан кейин яна ярми кўринмас чизиққа айланади. Айрим йўллар шунчалик торки, ҳайдовчилар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлишади. 


Пиёдалар...

      Кўп ўйлаб қоламан: ким кўп қоида бузаркин, ҳайдовчиларми ёки пиёдаларми? Айрим пиёдаларни кўриб ҳайрон қолади одам, пиёдалар йўлакчасидан бемалол, телефонда гаплашиб ўтади, ер ости йўли турганлигига қарамасдан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб катта йўлдаги темир бетондан ошиб ўтишади. Яқиндан бошлаб пиёдаларга ҳам жарима солина бошлади, бу жуда тўғри қарор, ҳайдовчилар қоида бузганликлари учун қандай жаримага тортилса, қоидани бузган пиёдалар ҳам худди шундай жаримага тортилишлари шарт. Лекин кўп гувоҳ бўламиз, пиёдаларни жаримага тортиш қийинроқ кечади, лекин бу баҳона бўлиш керак эмас, бу ишни асло сусайтирмаслик зарур. Бир хулосага қўшиламан, айрим одамларга соатлаб тушунтириш ишлари ўтказиш фойда бермаслиги мумкин, лекин моддий томондан жаримага тортилса, бу яхши самара беради, кейинги сафар ўйлаб иш қилади.  




      Транспорт воситасини бошқариш пайтида ёқимсиз холатлар бўйича ўз фикримни твиттер ижтимоий тармоғида баён қилган эдим. 



Ижтимоий тармоқда ўтқазган кичик сўровнома натижаси. Хулоса ҳар кимни ўзидан.


Хулоса ўрнида..
       Йўлларда инсон ҳаёти, ҳайдовчи ва пиёдаларни хавфсизлиги жуда муҳим, қоидабузарлар ҳақида хабар қилаётганлар ўз фуқаролик бурчларини бажариб, қонунни бузган шахсларни маълум қилишаяпти, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Зеро, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбарияти таъкидлаб ўтганидек, соҳа ходимлариинг саъй-ҳаракатларининг самарадорлигига кўп жиҳатдан бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг бу ишлардаги фаол иштирокига ҳам боғлиқдир. Сўнгсўз ўрнида айтмоқчи бўлган сўзим, ҳайдовчилар бир-биримизга ҳурматни сақлаган холда, йўл-ҳаракати қоидаларига доимо риоя қилиб ва ҳайдовчилик маданиятимизни ошириб борайлик деган бўлар эдим. Саломат бўлинг!
  
Изоҳ: юқоридаги барча расмлар бир соатча вақт ичида расмга олинган.😉 

понедельник, 5 марта 2018 г.

Илк таассурот аэропортдан бошланади...

Тошкент ҳалқаро аэропортимиз ва унда меҳнат қилувчи соҳа вакиллари ҳақида кўп гапирилди, етарлича баҳс бўлиб ўтди ва ҳозир ҳам бўлиб ўтмоқда. Мен ҳам бу борада ўз фикрларимни, кўрганларимни баён қилмоқчиман. Хизмат юзасидан йилда 2-3 марта хизмат сафарига бориб тураман. Табийки, ўз аэропортимиз ва бошқа ҳалқаро аэропортлардаги шароитлар, хизмат кўрсатувчи персоналлар ҳақида солиштириб кўрганман.

Демак, биздаги салбий ҳолатлар:
           1. Авваламбор, аэропортга киришда ҳаддан ташқари хавфсизлик кучайтирилган. Кўчани ўзида  махсус қурилмадан ўтилади, юклар, паспорт текширилади. Кейин яна ҳудди шу ҳолат такрорланади.  Тушуниш қийин, ўзи кичкинагина аэропорт бўлса, постдан постгача ниманидир ўзгартириб  қўйишмаса керак йўловчилар. 
       2. Дунёни кўпчилик аэропортларида парвоз қилувчилар бемалол аэропорт эшигини тагигача машинада келса бўлади, бизда эса буни акси. Шароит бор, лекин хали рухсат йўқ шекилли.   
            3. Божхона назорати. Ҳозир яшил ва қизил йўлак пайдо бўлди, ўзгаришлар ижобийлиги ҳақидаги гапларни эшитмоқдамиз. Лекин авваллари паспорт текшириларди, ҳаммаси жойида бўлса, муҳр қўйиларди. Аслида шуни ўзи ҳисоб бўлиши керак, лекин яна камида 2 марта текшириларди. Тушуниш қийин, нима сабабдан яна текширилади, муҳр бор, назоратдан ўтилди, ёки ҳамма божхоначилар йўловчиларни паспортини кўриб чиқиш керак, деган яширин бўйруқ, низом борми, буниси бизга қоронғу! Тўғри, ҳозирги кунда хавфсизлик муҳим, лекин меъёрда бўлгани яхши назаримда. 
     4. Ҳозирги аҳволи қанақа билмадим-ку, охирги марта 2017 йил октябрь ойида аэропортимизда бошқа юртлардан келадиган йўловчиларни кутиб олиш зали, божхона постлари аянчли аҳволда эди. Кутиш залида электр энергия иқтисод қилинганми билмадим, ҳар холда ёритиш тизимини деярли ярми ишламас эди. Лекин божхона паспорт текширувидан олдинги йилларга нисбатан анча тез ўтилганди. Фақат ҳорижий меҳмонлар ўтадиган божхона назорат пунктлари сонини яна кўпайтирилса мақсадга мувофиқ бўларди. 
           5. Яна бир муҳим жиҳат, ҳалқаро аэропортда меҳнат қилишга инглиз тилини биладиган божхона ходимларини ишга олиш керак, чунки кўп гувоҳ бўлганим, пост назоратидаги божхоначилар ҳорижий сайёҳлар билан оддий диалог қилишдаям муаммо борлигига гувоҳ бўлгандим. 

     Энди бошқа ҳалқаро аэропортларда аҳвол қанақа? Ўзим бўлган аэропортлардан гапирадиган бўлсам, Венеция шаҳридаги "Марко Поло", Истамбулдаги "Ота-турк", Япониянинг "Нарита", Деҳлидаги "Индира Ганди", Германиянинг "Франкфурт" ва Вена ҳалқаро аэропортларидаги бир ҳолатга эътибор бердим, ушбу аэропортларни эшигини тагигача бемалол бориш майли, лекин аэропортга киришда ҳеч қанақа текширув, махсус мосламадан ўтмаганман. Аэропорт ичкарисида фақат юк ва паспорт назорати, бўлди. 

        Албатта, бизда ҳар соҳада ижобий ўзгаришлар қатори, аэропортимизда ҳам анча ижобий ишлар қилинди, буни инкор этишдан йироқман. Лекин айрим камчиликларни бартараф этишга йиллар ёки халқаро экспертларни таклиф қилиш шарт эмас деб ўйлайман. Жамоатчилик фикрига таяниб ҳам кўп муаммони ҳал қилса бўлади. 
Зеро бир гап бор, "Юрт ҳақида таассурот аэропортдан бошланади".