Общее·количество·просмотров·страницы

Общее·количество·просмотров·страницы

среда, 25 марта 2015 г.

Мусофирчилик

Ҳаёт курашдан иборат. Ҳозирги тезкор замонда бу кураш янаям тезлашган. Инсон зоти туғилибди-ки яхши яшашга интилади, молиявий томондан ўзини эркин ҳис қилишни, оиласини xамма томонлама тўлиқ таъминлашни xоҳлайди ва ҳаказо. Бу оддий, табиий ҳолат. Бу масалада ҳамма эркакларимизни (асосан) ҳолати ҳар хил, масалан, кимнидир ижтимоий келиб чиқиши ночорроқ, кимдир оиласида ягона боқувчи, кимдир мажбурликдан, яна кимдир ҳозирги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилмай ўз ризқини бошқа давлатлардан қидиради ва мусофирчиликни бўйнига олиб чет давлатга ишлагани кетади. 

     Ман бу ҳолатни қоралаш ниятидамасман, аксинча бу масалани бошқа ҳолатига эътиборимни қаратмоқчиман. Табиийки, мусофирчиликни ўзига яраша қийинчиликлари бор. Ватандан, оиладан ва бошқа яқинлардан узоқда бўласан. Ман айнан шу масалада ўз фикримни билдирмоқчиман.

   Чет элга узоқ муддатга кетганларни (ҳар қанақа йўналишда) ҳаёлида албатта қуйидаги фикрлар доимо муҳрланиб туриши аниқ: оиламдагилар, қариндош-уруғларим ва бошқа яқинларим соғ-саломат бўлишсин, улар билан албатта яна учрашишни Яратган насиб этсин, хаммалигини ўз паноҳида асрасин, деб ният қилишади. Бу нарсани бошидан ўтказганлар, қисқа муддатга бўлса ҳам мусофирчиликни бошидан ўтказганлар яхши билишади.

     Курсдош бир ўртоғим бор. Ўзи нуфузли Олийгоҳни тамомлаган, ижтимоий-моддий аҳволи ҳам у қадар ёмон эмас эди. Хуллас, у янада яхши яшаш мақсадида Лондонга ишлагани кетди. Орадан бир йилча вақт ўтганда уни онаси бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди. Ана энди тасаввур қилинг унинг ҳолатини. Авваламбор, бу ноҳуш ҳабарни унга етказиш уйдагилари учун нақадар оғир эканлиги бўлса, иккинчи томондан мусофирчиликда юрган одамни бу хабарни эшитиши қанчалик оғир ва даҳшат. Ўртоғимиз оилада ягона ўғил, ота-онасини ягона таянчиси, боқувчиси. Ўзи анча вақт оиладагиларини дийдорини кутиб яшаб, ҳар қанақа қийинчиликларни eнгиб, ҳаёт кечириб юрганида бунақа xабарни эшитиш жуда оғир. Бу ўртоғимиз ҳали уйланмаган эди, тўйига тайёргарлик кўриб юрган онасини оxирги манзилга кузатолмади, ёлғиз ўғил ўз онасини тобутини eлкасида кўтаролмади. Бу бир умрлик армон. Бунга ўxшаган воқеалар кўп, кўпчилигимиз эшитганмиз. Лекин бу вокеа мани хаёлимга  шунақа ўрнашган-ки, ҳар доим эслаб хам шукр, хам фикр қилиб тураман.

     2012 йил дўстимиз юртига қайтиб келди, орадан бироз вақт ўтиб уйланди. Тўйида ўзини ва оиладагиларини кузатдим. Ҳаммалиги xурсанд кўринса-да, барибир кўзларида қанақадир маъюслик бор эди. Бу маъюслик, она ўрнида келин-куёвни табриклаш мақсадида чиққан куёв болани xоласи гапирганда (шахсан манга) янаям аниқ билинди. 

    Ўзим ҳам айни пайт 3 ҳафталик мусофирчиликдаман. Ҳар куни оиламдагилар билан гаплашсам ҳам, барибир кўнгилда қанақадир ҳавотир бўлади. Айрим пайтлар ўзидан ўзи кўнгил ғашланиб туради. 

       Хозир хам кимнидир отаси, кимнидир турмуш ўртоғи, акаси ёки фарзанди турли сабабларга кўра мусофирчиликда юришибди. Хамма мусофирчиликда юрган инсонларни соғ-саломат Ватанига, оила даврасига  қайтишларини тилаб қоламан.



Комментариев нет:

Отправить комментарий