Общее·количество·просмотров·страницы

Общее·количество·просмотров·страницы

среда, 4 апреля 2018 г.

Йўллардаги қоидабузарликлар.

Кўпчиликка маълум, охирги пайтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қарши кураш анча кучайди, пойтахтдаги айрим чорраҳаларга камералар ўрнатилди, жарималар миқдори оширилди, ҳар бир автомобиль кузатувдалиги маълум қилинди, манба: https://www.xabar.uz/avtomobil/endi-doimiy-kuzatuvdasan.
Айниқса, сўнгги кунларда Facebook ижтимой тармоғидаги "Водителы Ташкента" гуруҳидаги асосий постлар йўл-ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар ҳақида бўлмоқда. Бу борада кўпчилик иккига бўлинди, кимдир бу ҳаракатни ёқлади, кимдир қоралади. Шахсан мен ёқлаганлар тарафдориман, нимага, сабаби оддий: ҳар ким белгиланган қоидаларга риоя қилиши, қўпол қоидабузарликларга йўл қўйиишига ҳамма бирдек курашиши керак шарт деб ўйлайман. Йўл-ҳаракатидаги қоидабузарликлар сабаб қанчадан қанча инсонлар нобуд бўлмоқда, кимлардир ногиронга айланмоқда. Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ҳар ойда қоидалар бузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг оқибатида ҳалок бўлган инсонларни сонини эшитиб ачиниб кетади одам. Ўзим кўп йиллар пиёда мақомида бўлдим, яқин бир йил ичида ҳайдовчилик мақомига ўтиб шунга амин бўлдим-ки, йўл ҳаракати қоидалари жудаям кўп бузилади. Хулоса қиладиган бўлсак, ЙҲХБ нинг расмий сайтидаги қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлардан бир неча бор кўплигига шубҳа йўқ. 
Ҳайдовчилик маданияти, ҳайдовчиларни бир-бирига бўлган ҳурматига ҳавас билан қарай олмаслигимиз ҳақиқат. Мисол учун, кўп кузатдим, пиёдалар йўлакчасида автомашиналар тўхтаб, пиёдани ўтказишаяптими, демак, ё кузатув камераси бор ёки сал нарироқда ДАН ходими. Албатта бу умумий хулоса, яъни фақат салбий томонлари тилга олинмоқда. Қоидаларга риоя қиладиган ҳайдовчилар ҳам талайгина. Қоидалар бузилиши ҳақида гап кетар экан, авваламбор бир масалани алоҳида қайд қилиб ўтиш керак менимча, ҳар бир қоида, қонунга бўйсуниш талаб қилинишидан олдин, шунга яраша шароит яратилиши керак. Пойтахт йўлларининг ўзида камчиликлар бисёр, вилоятлардаги ёки марказдан чеккароқдаги аҳволни гапириб ўтириш шартмасдир. Тошкентдаги бирор бир идорага кирмоқчи бўлсанг тўхташга жой йўқ, бўлса ҳам таъқиқловчи белги бор. Мажбуран қоидани бузишга мажбурсан ёки автомашинани анча узоқроққа қўйишга тўғри келади. Тошкентдаги кўп кўчаларда таъқиқловчи белгилар қўйилганига қарамасдан, автомашиналар қатор бўлиб турганини деярли ҳар куни гувоҳ бўламиз.   
Мисол учун кўп йўл белгилари бетартиб (дарахтларга, электр устунларга) ўрнатилган.


        Пиёдалар ўтиш йўлагини акс эттирувчи белги электр ёритиш устунига ўрнатилганлиги майли, лекин  пиёдалар махсус чизиғи йўқ, шу пайтгача чизилмаган ёки чизилганиям ўчиб кетган.


      Тошкентнинг "Олмазор" метро бекати ёнидаги қуйидаги ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин. Бу муаммочани бартараф этишга ойлаб вақт талаб қилинмаса керак. 


      Ўзи умуман пойтахт кўчаларининг айрим йўлларида асфальтга чизилган махсус чизиқ, белгиларни ранги ўчганлигига анча бўлган, янги чизилганиям бир маротаба ёғингарчиликдан кейин яна ярми кўринмас чизиққа айланади. Айрим йўллар шунчалик торки, ҳайдовчилар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлишади. 


Пиёдалар...

      Кўп ўйлаб қоламан: ким кўп қоида бузаркин, ҳайдовчиларми ёки пиёдаларми? Айрим пиёдаларни кўриб ҳайрон қолади одам, пиёдалар йўлакчасидан бемалол, телефонда гаплашиб ўтади, ер ости йўли турганлигига қарамасдан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб катта йўлдаги темир бетондан ошиб ўтишади. Яқиндан бошлаб пиёдаларга ҳам жарима солина бошлади, бу жуда тўғри қарор, ҳайдовчилар қоида бузганликлари учун қандай жаримага тортилса, қоидани бузган пиёдалар ҳам худди шундай жаримага тортилишлари шарт. Лекин кўп гувоҳ бўламиз, пиёдаларни жаримага тортиш қийинроқ кечади, лекин бу баҳона бўлиш керак эмас, бу ишни асло сусайтирмаслик зарур. Бир хулосага қўшиламан, айрим одамларга соатлаб тушунтириш ишлари ўтказиш фойда бермаслиги мумкин, лекин моддий томондан жаримага тортилса, бу яхши самара беради, кейинги сафар ўйлаб иш қилади.  




      Транспорт воситасини бошқариш пайтида ёқимсиз холатлар бўйича ўз фикримни твиттер ижтимоий тармоғида баён қилган эдим. 



Ижтимоий тармоқда ўтқазган кичик сўровнома натижаси. Хулоса ҳар кимни ўзидан.


Хулоса ўрнида..
       Йўлларда инсон ҳаёти, ҳайдовчи ва пиёдаларни хавфсизлиги жуда муҳим, қоидабузарлар ҳақида хабар қилаётганлар ўз фуқаролик бурчларини бажариб, қонунни бузган шахсларни маълум қилишаяпти, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Зеро, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбарияти таъкидлаб ўтганидек, соҳа ходимлариинг саъй-ҳаракатларининг самарадорлигига кўп жиҳатдан бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг бу ишлардаги фаол иштирокига ҳам боғлиқдир. Сўнгсўз ўрнида айтмоқчи бўлган сўзим, ҳайдовчилар бир-биримизга ҳурматни сақлаган холда, йўл-ҳаракати қоидаларига доимо риоя қилиб ва ҳайдовчилик маданиятимизни ошириб борайлик деган бўлар эдим. Саломат бўлинг!
  
Изоҳ: юқоридаги барча расмлар бир соатча вақт ичида расмга олинган.😉